Мени балки худо шундай яратган,
Балки бошқа истедод йўқ, талант кам,
Тилим ўзига идрокни хам қаратган,
Тилим бу боришда бошимни ейди.
Ақлимдан хам тилим тезроқ ишлайди,
Балки мени бошқаришни истайди,
Билмам қачон тишим уни тишлайди?
Тилим бу кетишда бошимни ейди.
Бошқариб бўлмайди уни тобора,
Уйқумдаям гапиряпман кун ора,
Билмам қачон тилим тилдан қолар-а?
Тилим вас-вас қилиб бошимни ейди.
Қўрқаяпман давраларга боришга,
Уриняпман тилни йўлга солишга,
Хавас қилдим соқов бўлиб қолишга,
Тилим сайрайвериб бошимни ейди.
Балки кўплар тилимга қолар қоил,
Манинг тилим бузғинчиликка моил,
Балки шунинг учун бўлганман шоир,
Тилим шоир бўлиб бошимни ейди.
Тарих қанча вайсақиларни кўрган,
Тилини деб ажалдан қочиб юрган...
Керак жойда тилни тишлашни ўрган,
Тилимни кесмасам бошимни ейди.
|