Ҳар дам сени кўргим келади,
Висолингга тўйгим келади.
Ҳаётнинг бор ташвишин талаб,
Сени излаб боргим келади.
Кун кетидан қувлайди кунлар,
Хаёлларим сен томон чорлар.
Ҳур дамларни эслатса еллар,
Сени излаб боргим келади.
Бахт излашга тиришдим шошиб,
Гоҳ гул сочиб, гоҳ пуллар сочиб.
Энди бари-баридан қочиб,
Сени излаб боргим келади.
Ёлғизликдан қийналганимда,
Меҳр истаб зориққанимда.
Ёки эслаб соиғинганимда,
Сени излаб боргим келади.
Соғинч ҳисси ўртайди ёмон,
Қайда бўлсанг ҳам бўлгин омон.
Аҳён-аҳён ва ҳар – ҳар замон,
Сени излаб боргим келади.
Армонларим кўчаларига,
Хотирамиз кечаларига,
Дунёнинг ҳар гўшаларига,
Сени излаб боргим келади.
|