Ҳижронда юрагим эзилганида,
Айрилиқнинг заҳми сезилганида.
Жонимдан жон томир узилганида,
Мени ёлғизлатиб қўйма муҳаббат.
Кетма,юзинг бурма,қалбимда ин қур,
Қуш бўлиб бошимга соя солиб тур.
Эркатойим бўлиб ёнгинамда юр,
Мени ёлғизлатиб қўйма муҳаббат.
Инон,-безиб кетдим Дунёларидан,
Кўнглим қолди гўзал Лайлоларидан.
Чарчадим турфа хил ғавғоларидан,
Мени ёлғизлатиб қўйма муҳаббат.
Қара,-юрагимни куйдирмоқда чўғ,
Армонлар юракка қадаб кетди ўқ.
Мени сендан бўлак суянчиғим йўқ,
Мени ёлғизлатиб қўйма муҳаббат.
Ўтда куйганимда куйганим сенсан,
Асло қиз суймадим,суйганим сенсан.
Туғилгандан меҳр қўйганим сенсан,
Мени ёлғизлатиб қўйма муҳаббат.
Замин ҳам сен бўлдинг,Осмоним ўзинг,
Ёлғиз,биттагина армоним ўзинг.
Давосиз дардимга дармоним ўзинг,
Мени ёлғизлатиб қўйма муҳаббат.
Гарчи висол завқин бермадинг менга,
Чаманингдан гуллар термадинг менга.
Этагингдан ўпиб ёлворай сенга,
Мени ёлғизлатиб қўйма муҳаббат.
Умр ўтаверар,ўтар тўрт фасл,
Келган борким бир кун кетади бир-бир.
Сен кетсанг мен қандай яшайман ахир?
Мени ёлғизлатиб қўйма муҳаббат.
Умрингни Яратган қилсин зиёда,
Тақдир сўқмоғида қолма пиёда.
Айрилиқ,ҳижронга тўла Дунёда,
Мени ёлғизлатиб қўйма муҳаббат.
|