Ишқ бу дард, дардмандда йўқдур ҳаловат,
Жонинг азобларга қўяр атайин.
Ишқдин бехабарлар – ўлик оқибат,
Ундан бохабарлар тирикдир тайин.
Во ажаб Ишқ қасри хуб ажиб қаср,
Унда тутқунлар кўп, унда кўп асир,
Кўз равшан, қалб кўзи ожиздир, басир,
Асл суйгонини билмас, нетайин?!
Ишқ ўз мубталосин чунонам синар,
Аҳдида собиту-содиққа энар,
Поку-нопоклигинг аён, билинар,
Қасрдин қувилур дардсиз бетайин.
Ишқ қасрин манзилгоҳ қилмоқ бўлсанг гар,
Севги азобига дош бер биродар,
Сабрнинг тагидур билсанг сийму-зар,
Савобинг олурсан, азобинг сайин.
|